Ўзбекистон иқтисодий имкониятлари Ченнай халқаро кўргазмасида намойиш этилди

Жорий йилнинг 8-10 март кунлари Ҳиндистоннинг йирик ишлаб чиқариш марказларидан бири ҳисобланган Ченнай шаҳрида (Тамил-Наду штати маъмурий маркази) VII Халқаро саноат-муҳандислик кўргазмаси (IESS – International Engineering Sourcing Show 2018) бўлиб ўтди.

 

 Кўргазмада Ҳиндистон ва хорижий давлатларнинг 400га яқин компанияларидан 10 мингдан ошиқ ишбилармонлар иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон вакиллари ҳам мамлакатимиз саноати ва ишлаб чиқариш салоҳиятини намойиш этишди.

Ўзбекистон павильонида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат, муҳандислик, текстиль, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, уй-рўзғор ва маиший жиҳозлар, машина ва ускуналар тўрисидаги ахборотномалар, кўргазма плакатлари ва каталоглари, маҳсулотлардан намуналар ўрин эгаллади.

Хусусан,  “Артель”, “Ўзкабел” компаниялари, Андижоннинг “Само” фабрикаси ва бошқа корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида иштирокчиларга кенг ахборот берилди.

Ўзбекистон павильонининг бир қисми мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини тарғиб этишга бағишланди. Юртимизнинг қадимий шаҳарлари ва мафтункор масканлари, туристлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида ҳикоя қилувчи босма ва аудиовизуал ахборотларни кўргазма иштирокчилари катта қизиқиш билан қабул қилишди.

Мамлакатимиз кўргазма майдонига ташриф буюрган Ҳиндистон савдо вазирининг ўринбосари Рита Теотия мазкур тадбирда Ўзбекистон вакилларининг иштирокидан мамнун эканини таъкидлаб, республикамизда саноат ва ишлаб чиқариш соҳасида эришилаётган ютуқларга юқори баҳо берди.

Ўзбекистонлик тадбиркорлар кўргазмада ўзларини қизиқтирган йўналишларда замонавий технологиялар билан танишиш ҳамда Ҳиндистон компаниялари билан ўзаро манфаатли аҳдлашувларга эришиш имкониятига эга бўлди.

E-visa Form
Uzbek