Хабар қилинганидек, жорий йил 15-17 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Америка Қўшма Штатларида бўлади. Музокаралар чоғида қатор долзарб масалалар билан бирга амалий шерикликни кенгайтириш ва ўзбек иқтисодиётига Америка сармоялари ва технологияларини жалб этиш билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама этилиши кутилмоқда. Ушбу муҳим воқеа арафасида “Жаҳон” ахборот агентлиги Ўзбекистон – Америка савдо алоқаларининг замонавий ҳолати ва истиқболларини таҳлил қилди.
Америка Қўшма Штатлари кўпгина иқтисодий ва бошқа кўрсаткичлар бўйича сайёрамиздаги етакчи мамлакат бўлиб қолмоқда: масалан, 2017 йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулот 18 триллион доллардан ошди. АҚШ дунёнинг энг диверсификациялашган постиндустриал иқтисодиёти бўлиб, унда юқори ишлаб чиқариш кучига эга инновациялар тармоғи устун аҳамиятга эгадир. Мамлакат илмий-техникавий тараққиёт натижаларини индустрияга тадбиқ этиш, ўз кашфиётларига лицензияларни экспорт қилиш, ихтиро ва энг янги ишланмалар борасида етакчилик қилмоқда. Америка ялпи ички маҳсулотининг катта қисми аллақачондан бери хизмат кўрсатиш соҳаси тармоқлари ҳисобидан шаклланиб келмоқда.
Ўз навбатида, Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган, минтақанинг барча мамлакатлари ва Афғонистон билан чегарадош бўлган Ўзбекистон изчил ўсувчан иқтисодиёт ҳамда катта истеъмол бозорига ва, табиийки, барча қўшни давлатлар бозорига чиқиш йўлига эгадир. Арзон, бироқ юқори малакали ишчи кучи ва шитоб билан ривожланаётган инфратузилмага эга бўлган республика ўта истиқболли сармоявий шерик ҳисобланади.
Шунинг учун Тошкент ва Вашингтон ўзаро муносабатларда савдо-иқтисодий алмашувларни кучайтиришга устувор аҳамият бермоқда. 1993 йилдан буён савдо муносабатларда энг қулай шароит яратиш режими амал қилмоқда. 2006 йили имзоланган АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо ва сармоялар бўйича доиравий битим (United States – Central Asia Trade and Investment Framework Agreement, TIFA) ҳам ўзаро амалий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашмоқда.
2017 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ бизнес доиралари вакиллари билан қатор самарали учрашувлар ўтказгани баробарида Американинг юздан зиёд етакчи компаниялари иштирокидаги Ўзбекистон – АҚШ бизнес форумида ҳам қатнашди. Тадбир якуни бўйича АҚШ компаниялари билан нефт-газ ва нефт-кимё жабҳаси, машинасозлик, электротехника саноати ва фуқаро авиацияси соҳаларини қамраб олган, умумий қиймати 2,6 миллиард долларга тенг бўлган йирик ҳужжатлар тўплами имзоланди. Бундан олдин, 2017 йил февралида худди шундай бизнес-форум Тошкентда ўтказилган эди.
Қўшма дастурлар ва турли жабҳалардаги лойиҳаларни илгари суришда Америка – Ўзбекистон савдо палатасининг ҳиссасини алоҳида қайд этиш жоиз. 1993 йили ташкил топган мазкур ассоциация икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини ўтамоқда.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларига, халқ ҳунармандчилиги ва тўқимачилик буюмларига океан ортида катта талаб кузатилмоқда. Бу йўналишдаги аниқ мақсадни кўзда тутадиган ишларни йўлга қўйиш мақсадида ўтган йили Нью-Йоркда Ўзбекистон – Америка савдо уйи очилди. Унинг асосий миссияси – ишбилармон доиралар вакилларининг манфаат ва саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш, мамлакатимиз тадбиркорлари ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар экспортини кўпайтириш.
Маълумки, Ўзбекистон дунёнинг кам сонли давлатлари қаторида ўзининг автомобилсозлик саноатига эга. Республикамиз “General Motors” корпорацияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйган. У 2007 йилдан буён мамлакатимиз бозорида фаолият кўрсатмоқда. GM билан шериклик қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш, автомобилларнинг янги замонавий моделлари ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш билан бирга ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, экспорт ҳажмларини ошириш ва унинг жўғрофиясини кенгайтириш, савдо стратегиясини такомиллаштириш, маркетинг тадқиқотларни олиб бориш сингари масалаларни ҳам қамраб олган. Шу ўринда 2011 йили “General Motors Powertrain Uzbekistan” заводи ишга туширилгани, унда енгил автомобиллар учун двигателлар ишлаб чиқарилаётганини ҳам эсга олиш ўринли бўлади.
Жаҳон авиасаноатининг гиганти ҳисобланадиган “Boeing” мамлакатимиз учун замонавий фуқаро ҳаво кемаларини етказиб берадиган асосий шерик ҳисобланади. Яқинда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси парки иккита “Боинг” 787-8 Dreamliner билан бойиди. Бугунги кунда Ўзбекистон давлат байроғи ранглари туширилган “орзу лайнерлари” дунёнинг узоқ масофадаги нуқталарига бетўхтов қатновларни амалга оширмоқда. Шуниси ҳам диққатга сазоворки, миллий авиакомпаниямиз яқин йиллар ичида яна тўртта ана шундай “орзу лайнери”га эга бўлади. Бундан ташқари, Boeing 2016 йили Тошкентда ишга туширилган Самолётлар композит таркибий қисмларини таъмирлаш марказини яратиш бўйича лойиҳадаги ҳамкор ҳамдир.
“General Electric” корпорацияси ўзбек иқтисодиётининг нефт-газ ва авиация жабҳаларидаги дастурларни ҳаётга тадбиқ этишда қатнашмоқда, соғлиқни сақлаш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқишдаги лойиҳаларни молиялаштирмоқда.
Ўзбекистоннинг дам олиш индустриясидаги салмоқли имкониятлари ҳамда республикамизда сайёҳлик бизнеси учун яратилган қулай шароитлар “Hyatt” корпорациясининг эътиборини тортди. Бугуни кунда ҳашаматли Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси Ўзбекистон пойтахтининг марказини безаб турибди. Ҳозирги пайтда компания Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларда меҳмонхоналар тармоғини очиш режаларини кўзламоқда. Бошқа йирик корпорация – “Hilton” ҳам Ўзбекистонга назар солмоқда.
Бу ҳали ўзбек бозорига кирган ва кўпгина муваффақиятларни қўлга киритган Америка бизнес субъектларининг тўла рўйхати эмас. Сўнгги пайтларда валюта сиёсатини либераллаштириш, солиқ режимини соддалаштириш, сармоядорлар учун қўшимча қулайлик ва имтиёзлар яратиш бўйича тизимли чора-тадбирларни кўраётган республикамиздаги ишбилармонлик муҳити АҚШнинг етакчи фирма ва компанияларининг эътиборини ўзига тортмоқда.
Шубҳа йўқки, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг ҳозирги даражаси томонларнинг салоҳияти ва интилишларига тўла жавоб бермайди – олдинда амалий ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича улкан чора-тадбирларни ҳаётга тадбиқ этиш билан боғлиқ ишлар турибди. Яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг ўрта муддатли истиқболда асосий хорижий шериклар билан ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиришдаги устувор йўналишларда бир қатор аниқ-равшан чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Хусусан, ўзбек иқтисодиётини модернизациялаш, кадрлар тайёрлаш ва инсоний капитални ривожлантириш, жумладан, Америка томонининг сармоявий ва маслаҳат кўмагини жалб этиш йўли билан республиканинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши масалаларида Қўшма Штатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш назарда тутилган.
Халқимиз ва келгуси авлод фаровонлигини таъминлаш йўлида миллий иқтисодий тизимни сифат жиҳатдан янгилаш, тармоқларни жадал ва барқарор ривожлантириш, айниқса, иқтисодиётни юқори технологиялар асосида равнақ топтириш бўйича Ўзбекистон кўзлаган режалар назарда тутилганда бу чора-тадбирларнинг барчаси нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлиги яққол аён бўлади.
Шаҳриёр Турғунбоев
“Жаҳон” АА