“Root extract” маҳсулотлари Ҳиндистон бозорини забт этмоқда

Мамлакатимизда 2014 йилда ташкил этилган “Root extract” МЧЖ хусусий корхонаси қизилмия илдизини етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган бўлиб, Қорақалпоғистон ва Тошкент вилоятида ҳудудида қизилмия экинзорлари ва қайта ишлаш корхоналари мавжуд. Корхона асосчиси Козим Ниязов сўзларига кўра, бугунги кунда маҳсулотни қайта ишлаш жараёнига инновацион ғояларга асосланган сўнгги технологиялар жалб қилинмоқда.

Ушбу корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Ҳиндистон истеъмол бозорига олиб кириш, бу борада йирик ҳамкорлар билан узоқ истиқболга мўлжалланган алоқалар ўрнатиш мақсадида жорий йилнинг 19-23 феврал кунлари Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Элчихонаси билан ҳамкорликда “Root extract” корхонаси асосчисининг Ҳиндистонга ташрифи амалга оширилди.

Ташриф давомида “Ҳиндистон-МДҲ” Савдо-саноат палатаси раҳбарияти, “Dabur India Limited”, “Nature & Nurture Healthcare”, “La Fresh Fruits” ва бошқа ҳинд компаниялари билан музокаралар ташкил этилди.

Олиб борилган музокаралар натижасида “Root extract” МЧЖ хусусий корхонаси томонидан 2018 йилда Ҳиндистон бозорига 600 минг АҚШ долларидан ошиқ қизилмия маҳсулотларини етказиб бериш бўйича келишувларга эришилди. Томонлар ҳамкорлик кўламини босқичма-босқич кенгайтиришдан манфаатдор эканликлари таъкидланди. Хусусан, ҳиндистонлик ҳамкорлар билан бирга Ўзбекистонда қизилмиядан доривор маҳсулотлар тайёрлаш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Алоҳида қайд этиш лозимки, учрашувлар давомида Ҳиндистон ва жаҳон бозорида 120 йиллик улкан тажриба ва мустаҳкам ўрнига эга бўлган “Dabur India Limited” кўптармоқли компанияси раҳбари яқин муддатларда Ўзбекистонга ташриф буюриб, республикадаги инвестицион имкониятларни яқиндан ўрганиш, бундан ташқари “Root extract” МЧЖ хусусий корхонасидаги ишлаб чиқариш жараёни билан танишиш истагини билдирди.

 

E-visa Form
Uzbek