Пандемиядан кучли бўлиб чиқишнинг бирдан бир йўли – кичик бизнес ва тадбиркорликка қулай муҳит яратиш

“Investment portal of Uzbekistan”

Citizens of 76 countries will be able to get an electronic visa to Uzbekistan (List)

Uzbekistan announces visa waiver for citizens of 45 countries (List)

Important Visa Information for Indian Citizens Travelling to Uzbekistan

July 8, 2020

Пандемиядан кучли бўлиб чиқишнинг бирдан бир йўли – кичик бизнес ва тадбиркорликка қулай муҳит яратиш

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда бюджет тушумларини сўзсиз таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Пандемиядан кучли бўлиб чиқишнинг бирдан бир йўли – кичик бизнес ва тадбиркорликка қулай муҳит яратиш, деди давлатимиз раҳбари.

Мураккаб шароитга қарамай, ушбу соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда, лекин баъзи ҳудудларда бу борадаги ишлар қониқарли эмаслиги таъкидланди.

Карантин талабларининг юмшатилиши натижасида корхоналар фаолияти тикланди. Бироқ 69 мингта тадбиркорнинг фаолиятини жонлантириш кераклиги, жойлардаги раҳбарлар 9 ой якуни бўйича уларнинг камида 70 фоизини, йил якунига қадар тўлиқ қувват билан ишлашига масъул ва жавобгарлиги белгиланди.

Мамлакат миқёсидаги мутасаддиларга ҳудудларга бориб тушуми камайган корхоналар билан тизимли ишни йўлга қўйиш вазифаси юклатилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, тадбиркорлар карантин қоидаларига амал қилишда санитария ва ёнғин хавфсизлиги идоралари томонидан тушунарсиз ва бир-бирига зид талабларга дуч келмоқда. Шу боис, тадбиркорларнинг мурожаатлари ва таклифлари асосида жорий тартибларни қайта кўриб чиқиб, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тушунарли шаклда аҳолига етказиш топшириғи берилди.

Ўтган йилда рўйхатдан ўтган тадбиркорларнинг, яъни, янги бизнес субъектларининг 23 мингтаси ёки 24 фоизи бугунги кунда фаолият кўрсатмаяпти. Масъул раҳбарлар улар билан мулоқот қилиши, тез фурсатларда уларни ишга тушириш чоралари кўрилиши белгиланди.

Бунда тадбиркорга кўпроқ шароит яратиб бериш, жумладан, электр, газ, сув таъминоти, йўл, кредит билан боғлиқ масалаларни ечиб бериш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Фаолият бошлаётган кичик бизнесни қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги тизимини ишлаб чиқиш топшириғи берилди. Бунда тадбиркорни махсус курсларда ўқитиш, субъектни рўйхатдан ўтказиш, асбоб-ускуна сотиб олиш харажатларининг бир қисмига грант ажратиш назарда тутилади. Ушбу тизимнинг вертикал ижросини таъминлаш учун ҳозирда фақат республика даражасида фаолият юритаётган Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ишини тумангача тушириш лозимлиги қайд этилди.

Хизмат кўрсатишни ривожлантириш учун энг қулай, кўп ва юқори даромадли иш жойлари ташкил этиш мумкин бўлган 31 та ўрта шаҳарларда инфратузилмани яхшилаш, ер ресурслари ва бино-иншоотлардан тўғри фойдаланиш, режалаштириш, бошқарув ва жамоат транспортини тўғри ташкил этиш аҳоли даромади ўсишига кескин туртки беради.

Ушбу шаҳарларни хизмат кўрсатиш марказларига айлантириш, бунинг учун шаҳар раҳбарларига тизим яратиш ва аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Кейинги йилларда солиқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича аниқ чоралар кўрилиши натижасида бизнес ихтиёрида 2019 йилда 12 триллион сўм қолди, 2020 йилда яна 11 триллион сўм маблағ қолиши кутилмоқда. Энди янги вазифа, яъни, “Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи” тизимини йўлга қўйиш топшириғи берилди.

Шунингдек, 1 июлдан бошлаб илк маротаба тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш механизми амалга киритилди. Ушбу янгилик орқали жорий йилнинг биргина учинчи чорагида тадбиркорларга 700 миллиард сўмни айланма маблағ сифатида ўзида қолдириш имконияти яратилмоқда.

Шу муносабат билан, мутасаддиларга ушбу янги тизим имкониятларини барча тадбиркорлар эътиборига етказиш ва ижросини барча ҳудудларда самарали ташкил этиш вазифаси юклатилди.

Ундан ташқари, Президент жойларда ҳалигача тадбиркорларга ер ва бино-иншоотлар ажратишда кўплаб тўсиқлар мавжудлигини кўрсатиб ўтди. Буларни очиқ савдога, электрон аукционга чиқариш жараёнларини жонлантириш вазифаси қўйилди.

– Соҳадаги ўзгаришларни одамлар сезиши керак, телевидение ва ижтимоий тармоқларда буни кенг ёритиб бориш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Яна бир муҳим масала – бюджет даромадлари ижросини таъминлаш. Давлатимиз раҳбари бу борада кўрилаётган чораларнинг самарасини ошириш юзасидан қатор топшириқлар берди.

Йиғилишда, шунингдек, камбағалликни камайтириш бўйича олиб борилаётган ишларга ҳам тўхтаб ўтилди. Давлатимиз раҳбари камида 257 минг нафар муҳтож оилалар вакилларини ишга жойлаштириш, 37 мингта хонадонга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар ажратиш зарурлигини қайд этди.

Эҳтиёжманд аҳолини ишга жойлаштириш кўрсаткичи энг паст секторлар таъкидланар экан, уларнинг раҳбарларига жазо чоралари кўрилди.

Жумладан, Фарғона тумани ҳокими Носиров, Яккабоғ тумани прокурори Мустафаев, Ғузор ва Чортоқ туманлари ички ишлар бошқармалари бошлиқлари Рахмонов ва Абдурайимов, Муборак тумани ва Қўқон шаҳар солиқ инспекциялари бошлиқлари Темиров ва Турдиқуловларни эгаллаб турган лавозимларидан озод этиш бўйича топшириқлар берилди.

Шўрчи тумани ҳокими Худайберганов, Каттақўрғон, Косон ва Пайариқ туманлари ички ишлар бошқармалари бошлиқлари Отамуродов, Отакулов ва Шермухамедов, Нарпай, Ғаллаорол туманлари ва Гулистон шаҳар солиқ инспекциялари бошлиқлари Деҳқонов, Мамаев ва Раджабовларга нисбатан охирги огоҳлантириш сифатида “ҳайфсан” эълон қилиниши белгиланди.