✕

ҲИНДИСТОН БИЛАН ЯНГИ ҲАВО КЎПРИГИ: ТОШКЕНТ ВА ҲАЙДАРОБОД ЎРТАСИДА ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ АВИАҚАТНОВЛАР ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ

O'zbekiston investitsiya portali

76 davlat fuqarolari Oʻzbekistonga elektron viza olishlari mumkin boʻladi (Roʻyxat)

Oʻzbekiston 45 ta davlat fuqarolari uchun vizani bekor qilishni eʼlon qildi (Roʻyxat)

Oʻzbekistonga sayohat qilayotgan Hindiston fuqarolari uchun muhim viza maʼlumotlari

Oktabr 5, 2026

ҲИНДИСТОН БИЛАН ЯНГИ ҲАВО КЎПРИГИ: ТОШКЕНТ ВА ҲАЙДАРОБОД ЎРТАСИДА ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ АВИАҚАТНОВЛАР ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар янги ривожланиш босқичига кўтарилмоқда.

“Centrum Air” авиакомпанияси Жанубий Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасида илк тўғридан-тўғри ҳаво кўпригини ўрнатиб, 28 сентябрдан бошлаб Ҳайдаробод ва Тошкент ўртасида ҳафтасига икки марта амалга ошириладиган мунтазам парвозларни йўлга қўйди. Рейслар замонавий ва қулай «Airbus A320neo» самолётларида амалга оширилади.

Ушбу авиарейслар икки давлат ва минтақаларни бир-бирига янада яқинлаштириш ҳамда сайёҳлар оқимини кўпайтириш йўлидаги муҳим амалий қадам бўлди.

Янги йўналиш бўйича имкониятларни кенг тарғиб қилиш мақсадида Ҳайдаробод шаҳрида «Centrum Air» авиакомпанияси томонидан Ўзбекистон Элчихонаси билан ҳамкорликда тақдимот маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Элчихонаси, «Centrum Air» вакиллари, Ҳайдаробод аэропорти маъмурияти, шунингдек, MICE, оилавий ва гуруҳли туризмга ихтисослашган 120 дан ортиқ туроператорлар, сайёҳлик компаниялари ҳамда ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Элчиси С.Рустамбаев икки мамлакат ўртасида жадал ривожланаётган сиёсий, иқтисодий ва гуманитар муносабатлар аҳамиятига тўхталди. Алоҳида қайд этилдики, ушбу авиарейслар Телангана штати ва Ҳиндистоннинг бутун жанубий минтақалари билан рақамли технологиялар, фармацевтика, заргарлик ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш учун мутлақо янги имкониятлар эшигини очади.

Тақдимот давомида «Centrum Air» компанияси вакили иштирокчиларга парвозлар жадвали ва ҳаво кемалари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Ҳайдаробод «Centrum Air» учун Деҳлидан сўнг Ҳиндистондаги иккинчи йўналишга айланди. Ушбу йўналиш нафақат Жанубий Ҳиндистон аҳолисига Ўзбекистонга тўғридан-тўғри саёҳат қилиш имконини беради, балки Тошкент аэропорти орқали Марказий Осиё, МДҲ, Яқин Шарқ ва Европа мамлакатлари бўйлаб қулай транзит йўлакларини тақдим этади.

Тадбир доирасида мамлакатимизнинг бой туристик салоҳияти, замонавий меҳмонхоналар тармоғи ҳамда дам олиш масканларига бағишланган алоҳида тақдимот намойиш этилди. Сўнгги 5-6 йил давомида Ҳиндистондан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқими бир неча баробар ошгани таъкидланиб, янги йўналишлар орқали бу кўрсаткични янада юқори даражага олиб чиқиш учун улкан имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу борада Ҳайдаробод туризм, талабалар алмашинуви, қариндошлар ва дўстлар ҳолидан хабар олиш ҳамда халқаро транзит саёҳатлар учун беқиёс бозор ҳисобланади.

«GMR Hyderabad International Airport Ltd» (GHIAL) вакилларининг таъкидлашича, ушбу янги йўналиш ҳудудлараро боғлиқликни янги босқичга олиб чиқиб, бизнес, савдо ва маданий алмашинувларни сезиларли даражада жадаллаштиради.

28 сентябрь куни амалга оширилган дастлабки рейс Ҳайдаробод аэропортидан GHIAL компанияси, «Centrum Air» ҳамда бошқа мутасадди ташкилотларнинг юқори мартабали вакиллари иштирокида ўтказилган тантанали маросим билан кузатиб қўйилди.

✕