Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юксак савияда расмий қабул маросими ташкил этилди. Мазкур нуфузли тадбирда 350 дан зиёд меҳмонлар — Ҳиндистоннинг юқори мартабали давлат ва парламент арбоблари, Нью-Деҳлида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, етакчи ишбилармон доиралар, академик ва фуқаролик жамияти намояндалари ҳамда Ҳиндистонда истиқомат қилаётган ватандошларимиз жам бўлишди.
Тантанали кечада Бош меҳмон сифатида Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқ бўйича котиби Рудрендра Тандон иштирок этди. Мартабали меҳмонлар қаторидан Ҳиндистон Парламенти Қуйи палатаси (Лок Сабха) депутати, парламентдаги «Ҳиндистон – Ўзбекистон» дўстлик гуруҳи раҳбари Ганеш Сингх, Ташқи ишлар вазирлиги департамент раҳбари Маянк Сингх ўрин олдилар.
Тадбирни кириш сўзи билан очган Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Февқулодда ва Мухтор Элчиси Сардор Рустамбаев ўз нутқида истиқлол йилларида мамлакатимизда барпо этилган мустаҳкам давлат институтлари, инфратузилма, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимига киритилган кенг кўламли сармоялар ва жаҳон бозорига интеграциялашув босқичлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Айниқса, 2016 йилдан буён Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ва «Янги Ўзбекистон»ни барпо этишга қаратилган туб ислоҳотлар иқтисодиётни очиқлаш, хусусий секторни мустаҳкамлаш ва халқ фаровонлигини оширишда ҳал қилувчи омил бўлаётгани таъкидланди.
Тадбирда мамлакатимиз иқтисодий ютуқлари акс этган асосий кўрсаткичлар келтириб ўтилди:
- Иқтисодий ўсиш: 2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 7,7 фоизни ташкил этиб, 147 миллиард АҚШ долларидан ошди (2026 йил учун мақсад — 167 млрд доллар).
- Инвестиция ва бандлик: Хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди, ишсизлик даражаси 4,9 фоизга, камбағаллик эса 5,8 фоизгача қисқарди.
Икки томонлама муносабатларда Ҳиндистон алоҳида ва муҳим ўрин тутиши алоҳида қайд этилди. 2011 йилда ўрнатилган Стратегик шерикликнинг 15 йиллиги нишонланаётган жорий 2026 йилда муносабатлар сифат жиҳатидан янги — Ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилгани тарихий воқеа сифатида эътироф этилди.
Тадбир иштирокчиларига Жорий йилнинг 29–30 август кунлари Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи ва Тошкентдаги олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича батафсил маълумот берилди.
Ҳиндистон ТИВ Шарқ бўйича котиби Рудрендра Тандон ўз қутлов сўзида икки халқ ўртасидаги азалий тарихий ва маданий ришталарни ёдга олиб, стратегик ҳамкорликни янада кенгайтиришга бўлган қатъий интилишни тасдиқлади:
- Икки мамлакат етакчилари 2030 йилгача ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларига етказиш ва қўшма бизнес-саммит ўтказиш бўйича келишиб олдилар.
- Муҳим минераллар, уран етказиб бериш, иқтисодий хавфсизлик, мудофаа, рақамли инфратузилма, фармацевтика ва қайта тикланувчи энергетика музокараларнинг марказида бўлди.
- Ҳиндистон томонидан Ўзбекистоннинг Оролбўйи минтақасини экологик соғломлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун 1 миллион АҚШ доллари миқдорида грант ажратилгани эълон қилинди.
Тантанали тадбир доирасида иштирокчиларга «Business Central Asia» журналининг Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб нашр этилган махсус сони тақдим этилди. Кеча давомида бўлиб ўтган самимий суҳбатлар Ҳиндистон жамоатчилигининг Янги Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришларга бўлган юқори қизиқишини яққол кўрсатди.
Қабул маросими ёрқин маданий дастур билан давом этди. Меҳмонларга миллий қўшиқ ва рақслар намойиш этилиб, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» АЖ ва «Centrum Air» компанияси кўмагида тайёрланган ўзбек миллий таоми — ош-палов ҳамда юртимиздан келтирилган сархил ҳўл ва қуруқ мевалар тортиқ қилинди.
Нью-Деҳлида бўлиб ўтган ушбу тантанали кеча бой тарихий илдизларга эга бўлган Ўзбекистон ва Ҳиндистон дўстлиги, ўзаро ишончи ва ҳар томонлама шериклиги жадал ривожланиб бораётганининг яна бир ёрқин намоён бўлди.





























